Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Пекинга келди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин таклифига биноан 11 май куни давлат ташрифи билан Пекинга келди.
Икки давлат байроқлари билан безатилган "Шоуду" халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Давлатимиз раҳбарини Хитой Халқ Республикасининг расмий шахслари кутиб олди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни 12 май куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши биносида расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Ўзбекистон ва Хитой давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин давлатимиз раҳбарини Хитойга биринчи давлат ташрифи билан самимий қутлади.
Сиз билан Пекинда учрашиб турганимдан ғоят хурсандман. Бу йил давлатларимиз ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлгани ҳамкорлигимизнинг бундан кейин ҳам жадал ривожланишига замин бўлади. 2016 йилда Бухорода бўлганимда менга ҳамроҳлик қилганингиз учун миннатдорман. Бугун барча соҳаларда ҳамкорлигимиз изчил ривожланаётгани бизни қувонтиради, деди Си Цзиньпин.
ХХР Раиси Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари янги даврга, сифат жиҳатдан янги босқичга қадам қўяётганини, бу босқич юқори технологиялар соҳасида кенг кўламли ҳамкорлик бошлангани билан изоҳланишини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев таклиф учун миннатдорлик билдирди ва бугунги музокаралар олий даражадаги мулоқотларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига ҳурмат кўрсатиб, 2016 йил Бухорога борганингиз, аждодларимиз қолдирган бой маданий меросга катта қизиқиш билдирганингиздан хурсандмиз. Ўзбекистон Хитойни қадимий тарих ва ноёб маданият, улкан салоҳиятга эга, жаҳон иқтисодиётининг етакчиларидан бўлган ва ўз мақсадлари йўлида дадил бораётган мамлакат сифатида билади, деди Шавкат Мирзиёев.
Музокараларда ўзаро ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Хитой Ўзбекистоннинг ҳаёт синовидан ўтган ишончли ҳамкоридир. Халқларимиз ўртасидаги муносабатлар Буюк ипак йўли тарихи билан чамбарчас боғланган бўлиб, миллий қадрият ва анъаналаримиз жаҳон маданиятини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган, савдо алоқаларимиз дунё аҳлига ўз даврининг ноёб буюмларини тақдим этган. Бугун инсониятнинг кундалик эҳтиёжларига айланган чой, пахта, ипак, қоғоз каби маҳсулотлар уларнинг бир қисми, холос.
Кенгайтирилган таркибдаги музокарада иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 7,8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритган.
2016 йил якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси ҳажми 4,2 миллиард долларни ташкил қилди. Хитой бозорида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб ошиб бораётир.
Хитой томони Ўзбекистондаги иқтисодий ривожланиш динамикаси ва кенг кўламли тузилмавий янгиланишларга юксак баҳо берди ва юқори технологиялар соҳасида, жумладан, саноат ва технология парклари яратиш орқали ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Музокаралар икки томонлама муносабатлар изчил ривожланаётганини ҳамда устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликнинг истиқболи порлоқ эканини ёрқин намоён этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи доирасида сиёсий ва иқтисодий соҳаларда муҳим келишувларга эришилди, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди.
Икки давлат раҳбарларининг кенгайтирилган таркибдаги учрашувидан сўнг ҳужжат имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Учрашувларда ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, бунда икки давлатнинг минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича позицияси бир хил ёки ўхшашлиги муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма баёнотни имзоладилар. Ҳукуматлараро техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги, халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги битимлар, умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга доир лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисидаги ҳукуматлараро ноталар алмашинуви ҳамда ветеринария ва ўсимликлар инспекцияси карантини соҳасида Англашув меморандуми, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъеклари ўртасидаги ҳамкорликни рағбарлантириш бўйича Англашув меморандуми, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2018-2020 йилларга мўлжалланган идоралараро алмашинув ҳамкорлик режаси каби қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Эришилган келишувлар Ўзбекистон – Хитой муносабатларини янада ривожлантириш ва икки мамлакат халқларининг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.