Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари ривожида тарихий йил

10640 14 Декабр, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 119 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков 13 декабрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. 

Қирғизистон Республикаси Президенти дастлаб пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонида бўлди. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. 

Сооранбай Жээнбеков мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

Қирғизистон Республикаси Президентининг расмий ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. 

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари тор доирада музокара ўтказдилар. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сооранбай Жээнбековни Қирғизистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан яна бир бор самимий қутлаб, бугунги музокаралар Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатларини янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди. 

Жорий йил Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари ривожида тарихий давр бўлди. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, кўплаб масалалар бўйича ҳамфикрлиги, ҳамкорликка интилишининг муштараклиги туфайли барча соҳалардаги ҳамкорлик мустаҳкамланди. 

Қирғизистон Президенти сифатида илк хорижий ташрифларингиздан бирини Ўзбекистонга амалга оширганингизни юксак қадрлаймиз. Биз буни мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга бўлган қатъиятингиз ифодаси сифатида қабул қиламиз, деди Шавкат Мирзиёев. 

Сооранбай Жээнбеков Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистонга таклиф этгани учун миннатдорлик билдирди ва Қирғизистон халқи номидан чуқур ҳурмат-эҳтиром изҳор этди. 

Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегараларини дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик чегарасига айлантирдингиз, деди Қирғизистон Президенти. 

Президентлар ушбу ташриф савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, давлат чегараларини делимитация қилиш, янги ўтказиш пунктлари очиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини муҳокама қилиш учун яхши имконият эканини таъкидладилар. 

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни фаол ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини тасдиқладилар. 

Томонлар ўзларини қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар. 

Халқаро майдонда ўзаро муносабатларни давом эттириш ва мустаҳкамлаш борасида улкан салоҳият мавжудлиги, Ўзбекистон билан Қирғизистоннинг БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришга интилиши муштараклиги қайд этилди. 

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида, аввало, қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Кейинги пайтда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги шериклик алоқалари фаоллашаётгани бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, Қирғизистон Республикаси билан ҳамкорлик янги мазмун билан бойиб бормоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасида алоқалар тобора кенгаймоқда. 

Музокарада Президент Сооранбай Жээнбеков Қирғизистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади. 

Шавкат Мирзиёев ва Сооранбай Жээнбеков музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар. 

Унда асосий эътибор Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, банк-молия, фан-техника, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди. 

Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар ривожида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия муҳим ўрин тутмоқда. Икки мамлакат Бош вазирлари мазкур комиссиянинг ҳамраислари этиб тайинлангани томонларнинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга юксак эътиборидан далолат беради. 

Кейинги пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми жадал ортиб бормоқда. Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида ўзаро савдо кўрсаткичлари 56 фоиздан зиёдга ўсиб, 235 миллион долларга етди. 

Музокарада таъкидланганидек, бу кўрсаткич икки мамлакатнинг мавжуд имкониятларини тўлиқ акс эттирмайди. Ўзаро товар айирбошлаш номенклатурасини диверсификация қилиш ва яқин йилларда унинг ҳажмини 500 миллион долларга етказиш бўйича топшириқлар берилди. 

Ташқи савдо инфратузилмаси ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлаш механизмларини фаол ривожлантириш, қўшма савдо уйлари очиш, бизнес-форумлар ва миллий саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ўтказиш зарурлиги таъкидланди. 

Қирғизистон Президентининг расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси ва бизнес-форум ташкил этилгани, ишбилармон доиралар вакилларининг музокаралари ўтказилгани ва уларда икки мамлакатдан кўплаб тадбиркорлар иштирок этгани, қарийб 140 миллион долларлик шартномалар имзолангани савдо-иқтисодий муносабатлар жадал ривожланаётгани тасдиғидир. 

Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги техникаси, енгил автомобиллари, автобуслари, махсус прицеплари ва маиший буюмларини йиғишни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда қурилиш материаллари ва тўқимачилик саноатида қўшма корхоналар ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди. 

Томонлар бу лойиҳалар билан чекланиб қолмасдан, саноат кооперацияси соҳасида ҳам биргаликда истиқболли йўналишлар топишга келишиб олдилар. 

Ташрифлар алмашиш, барча соҳаларда қўшма тадбирлар ўтказиш, икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш орқали Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва янада мустаҳкамлашга бундан буён ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 

Қирғизистон Ўзбекистоннинг икки мамлакат Бош вазирлари раҳбарлигида Ҳокимлар ва чегараолди вилоятлар маъмуриятлари раҳбарлари кенгашининг биринчи мажлисини Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади. 

Президентлар қисқа муддатда жаҳон бозорига чиқиш имконини берадиган транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантириш соҳасида ўзаро ҳамкорлик стратегик аҳамиятга эга эканини қайд этдилар. 

Давлат раҳбарлари "Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой" темир йўли қурилишини имкон қадар тезлаштириш минтақа мамлакатлари манфаатига хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Бу Марказий Осиёнинг жозибадорлигини ошириш ва транзит салоҳиятини тўла юзага чиқариш имконини беради. 

2017 йил 30 октябрь-3 ноябрь кунлари "Тошкент – Андижон – Ўш – Иркиштом – Қошғар" йўналиши бўйича биринчи халқаро автокарвон ўтказилганига юксак баҳо берилди. У минтақадаги транспорт йўналишларини диверсификация қилишда яна бир муҳим омил бўлади. 

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бу масалаларга амалий ечим топиш учун Қўшма сув хўжалиги комиссиясини тузиш ва яқин вақтлар ичида унинг мажлисини ўтказишга келишиб олинди. 

Гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинар экан, ўзбек ва қирғиз халқлари анъаналари, маданияти ва қадриятлари муштараклиги таъкидланди. Бизнинг тилимиз, динимиз, тарихимиз ва меросимиз бир. Бу жиҳатлар маданий-гуманитар алоқалар ривожида муҳим омил бўлмоқда. Ўзбекистонда қирғиз тили ва маданияти, Қирғизистонда ўзбек тили ва маданиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Жорий йилда Қирғизистон театр намояндалари Фарғона водийсида, ўзбекистонлик санъат усталари Ўш, Ўзган, Аравон, Новқат, Қорасув, Жалолобод шаҳарларида ижодий сафарда бўлди. Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. 

Давлат раҳбарларининг келишувига биноан келгуси йили Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунлари бўлиб ўтади. Шу билан бирга, 2018 йилда халқларимиз атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг юбилейини кенг нишонлайди. 

Шу муносабат билан Қирғизистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Президентига Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодига бағишланган доимий кўргазма ташкил этиш тўғрисидаги қарор учун миннатдорлик билдирди. 

Музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Сооранбай Жээнбеков Қўшма баёнотни имзоладилар. Бу ҳужжатда сиёсий, савдо-иқтисодий, сув-энергетика, маданий-гуманитар, транспорт ва коммуникация, ҳудудлараро ҳамкорлик соҳаларидаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари ҳамда олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари ўз ифодасини топган. 

Икки мамлакат ҳукуматлари вакиллари молиявий ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳамда 2018-2021 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорлик тўғрисидаги дастурни имзолади. 

Божхона хизматлари ўртасида товарлар ва транспорт воситаларини ўтказишда божхона амалиётларининг соддалаштирилган тартибини жорий қилиш, фавқулодда вазиятлар вазирликлари ўртасида 2018 йилда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар қабул қилинди. 

Бундан ташқари, икки мамлакат фанлар академиялари ва касаба уюшмалари федерациялари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши билан Қирғизистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Ёшлар, жисмоний тарбия ва спорт ишлари бўйича давлат агентлиги ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди. 

Президентлар оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар ўзаро англашув, очиқ ва самимий руҳда ўтгани, эришилган келишувлар халқларимиз манфаатига хизмат қилишини таъкидладилар. 

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президентининг биринчи ташрифи чоғида имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. 

Сооранбай Жээнбеков халқларимиз шундай келишувларга эришилишини кутганини ва ўзаро муносабатларимиз тарихига битиладиган бу эзгу ишга ҳисса қўшганидан мамнун эканини таъкидлади. 

Маълумки, икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистоннинг "Данакер" ордени билан мукофотланган эди. Юксак давлат мукофотларидан бўлган ушбу орден халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга, миллатлараро тотувликни асраш, илм-фанни ривожлантириш, миллий маданиятларни яқинлаштириш ва бойитишга катта ҳисса қўшган инсонларга берилади. 

Данакер – яраштирувчи деган маънони англатади. Мукофот давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатларини ривожлантириш, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги хизматларининг юксак эътирофидир. 

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков "Данакер" орденини тантанали равишда топширди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали