Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Партиялар Президентликка номзод кўрсатишмоқда

11066 20 Сентябр, 2016 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 109 Kb)


2016 йил 16 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди.

Пленумда 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясининг иштироки, Президентликка партиядан номзод кўрсатиш ҳамда партиянинг навбатдаги Съездини чақиришга оид масалалар муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясининг уставида партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиши белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда Пленумда партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан номзод кўрсатиш таклифи кўриб чиқилди. Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Сарвар Саъдуллаевич Отамуратов номзодини қўллаб-қувватлади. 

Сайлов қонунчилигига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига партия томонидан номзод кўрсатиш партиянинг олий органи – Съезди томонидан амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб, Пленумда жорий йил 15 октябрь куни партиянинг навбатдаги V Съездини чақириш ва бу масалани Съезд муҳокамасига қўйишга келишиб олинди. 

* * *

Шу йил 16 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг Пленуми бўлиб ўтди. 

Мажлисда 2016 йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ЎзЛиДеПнинг иштироки билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу жараёнда партиянинг фаол иштирок этиши алоҳида таъкидланди. 

Мажлис иштирокчилари мазкур сайловда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг номзоди ҳақидаги масалани ҳам атрофлича муҳокама қилдилар. Жойлардаги сайловчилар ва электорат хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, партиянинг навбатдаги VIII Съездида Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини кўрсатиш таклифи якдиллик билан қўллаб-қувватланди. 

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонуннинг 24²-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилишини инобатга олиб, мажлис қатнашчилари томонидан партиянинг навбатдаги Съездини 2016 йил 14 октябрда ўтказишга келишиб олинди. 

* * *

2016 йил 17 сентябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги VI Пленуми бўлиб ўтди. 

Пленум иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш борасидаги вазифалар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод кўрсатиш, Ўзбекистон ХДПнинг X Қурултойини чақириш ва унинг кун тартиби, партия қурултойига вакиллик меъёри ва уларни сайлаш тартиби тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилди. 

Кун тартибидаги асосий масала – Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинди. 

Бу борада партия электорати, тарафдор ва фаоллари томонидан тавсия этилган ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, партия фракцияси раҳбари Хотамжон Абдураҳмонович Кетмонов партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиянинг Қурултойида кўриб чиқиш учун номзод сифатида кўрсатилди. 

Шунингдек, Пленумда Ўзбекистон ХДПнинг X Қурултойини жорий йилнинг 14 октябрь куни чақириш ва унинг кун тартиби ҳамда партия Қурултойига вакиллик меъёри ва уларни сайлаш тартиби каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди. 

* * *

2016 йил 17 cентябрь куни Ўзбекистон "Адолат" Социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг VI Пленуми бўлиб ўтди. 

Мажлисда Ўзбекистон "Адолат" СДПнинг жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу жараёнда партиянинг муносиб иштирок этиши зарурлиги алоҳида таъкидланди. 

Муҳокамалар давомида Ўзбекистон "Адолат" СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши мақсадга мувофиқ, деб топилди. Мазкур масалада, партия электорати ва тарафдорларининг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, Сиёсий Кенгаш раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Маджитович Умаров номзодини партиянинг навбатдаги VIII Қурултойида кўрсатиш таклифи қўллаб қувватланди. 

Партиянинг ушбу сайловда иштироки билан боғлиқ масалалар унинг олий органи – Қурултойида ҳал қилинишидан келиб чиққан ҳолда мажлис қатнашчилари Ўзбекистон "Адолат" СДПнинг навбатдаги VIII Қурултойини 2016 йилнинг 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида чақирилишини белгилаб олди. 

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали