Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Президент Ислом Каримов "ЛУКОЙЛ" нефть компанияси президенти Вагит Алекперовни қабул қилди

11412 12 Ноябр, 2015 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 286 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 10 ноябрь куни Оқсаройда "ЛУКОЙЛ" нефть компанияси президенти Вагит Алекперовни қабул қилди. 

Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон нефть-газ тармоғида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ушбу компания фаол иш юритаётганини таъкидлади. 

Бугунги кунда "ЛУКОЙЛ" Ҳавзак, Шоди, Қўнғирот конлари ва Қандим конлар гуруҳи каби истиқболли газ конларини ўрганиш ва ўзлаштириш, Жануби-ғарбий Ҳисор ва Устюрт минтақасидаги нефть-газ участкаларини ўрганиш бўйича инвестициявий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ҳамкорликдаги геология-қидирув ишлари доирасида Орол денгизи акваториясининг Ўзбекистон қисмида истиқболли углеводород конлари топилди. Компаниянинг мамлакатимиздаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирган жами инвестициялари ҳажми 5 миллиард доллардан ошди.


"ЛУКОЙЛ" айни пайтда энг илғор технологияларга асосланган Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилишига киришди. Бу замонавий завод йилига 8 миллиард куб метр табиий газни чуқур қайта ишлаш қувватига эга бўлади. 

Учрашувда В.Алекперов 2018 йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган ушбу лойиҳа Ўзбекистон саноатини янада ривожлантириш ва кенгайтиришга қаратилган 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастури доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади. "ЛУКОЙЛ" компанияси Ўзбекистон нефть-газ тармоғидаги инвестициявий лойиҳалар доирасида қабул қилган барча мажбуриятларини тўла ва ўз вақтида бажаришини қайд этди. 

Мулоқот чоғида жаҳон ва минтақа углеводород хомашёси бозоридаги бугунги вазият юзасидан фикр алмашилди, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали