Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистондаги давлат ташрифи

17497 23 Март, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 362 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22 март куни давлат ташрифи билан Остона шаҳрига келди. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат байроқлари билан безатилган Остона халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.   

Давлатимиз раҳбарини Қозоғистон Республикаси Бош вазири ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари янгради. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар. 

Президентларнинг тор доирадаги учрашувида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди. 

Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. 

Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни Қозоғистонга давлат ташрифи билан қутлаб, бу икки давлат ўртасида олий мақомдаги мулоқотларнинг мантиқий давоми, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида мулоқотни давом эттирдилар. 

Унда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

Мамлакатларимиз ҳамкорлиги 1998 йилда Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда пойтахтимизда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида жадал тараққий этмоқда. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон сиёсий масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Икки томонлама асосда ҳамда БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича томонларнинг қараш ва ёндашувлари ўхшаш ёки яқиндир. 

Ўзбекистон Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашига муваққат аъзоликка сайланишини қўллаб-қувватлади. Бу халқаро майдонда бутун минтақамиз давлатлари манфаатларини ҳимоялаш имконини беради. Қозоғистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган, мамлакатимизнинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсатини юқори баҳолайди. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон мустақил тараққиёт йўлини бир даврда бошлаган. Иқтисодиётни қайта тиклаш ва ривожлантириш йўлида бир-бирига елкадош бўлиб келмоқда. 

Бугун икки мамлакат ҳам ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўймоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди. Президент Нурсултон Назарбоевнинг Қозоғистон халқига жорий йилги мурожаатида Қозоғистонни модернизация қилишнинг учинчи босқичи белгилаб берилди. 

Қозоғистон мамлакатимизнинг муҳим савдо-иқтисодий шерикларидан биридир. Ўзбекистон Қозоғистонга табиий газ, автомобиллар, транспорт воситалари, минерал ўғитлар, тўқимачилик, электротехника ва қурилиш материаллари, мева-сабзавот ва бошқа кўплаб товарлар, турли хизматлар экспорт қилади. Қозоғистондан юртимизга нефть, металл, ун, ёғ-мой маҳсулотлари келтирилади. 

Мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида тузилган қарийб 230, Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 130 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. 

2016 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бу икки томоннинг салоҳиятига мос эмаслиги, савдо айланмасини камида икки баробар ошириш имконияти мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Мамлакатларимиз иқтисодиёти рақобатчи эмас, аксинча, бир-бирини тўлдиради. Бунинг учун ҳукуматлараро комиссия ва қўшма савдо уйлари фаолиятини кенгайтириш, янги таъминот бозорлари ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. 

Транспорт коммуникациялари соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши ҳисобланади. Мамлакатларимизнинг автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. 

Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтган, Тошкент ва Самарқандни боғловчи автомобиль йўлининг очилиши, Тошкент – Олмаота тезюрар поезди ва икки мамлакат шаҳарлари ўртасида автобус қатновлари йўлга қўйилгани транспорт коммуникациялари тармоғини янада кенгайтиради. Ҳудудлараро алоқалар савдо ва туризм ривожига хизмат қилади. 

Очиқ ва дўстона руҳда ўтган музокарада ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди. Савдо-иқтисодий алоқалар динамикасини сақлаб қолган ҳолда уни диверсификация қилиш, экспорт-импорт ҳажми ва номенклатурасини кенгайтириш, саноат ва тадбиркорлик субъектлари кооперациясини ривожлантиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон-Қозоғистон музокаралари якунида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 13 ҳужжат имзоланди. 

Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар. 

Шунингдек, парламентаризм, солиқ, транспорт, мудофаа, савдо-саноат ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди. 

Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битим улар орасида алоҳида аҳамиятга эга. 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев музокаралар Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларига хос ўзаро ҳурмат ва самимият руҳида ўтгани, барча стратегик масалалар бўйича томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаганини алоҳида таъкидладилар. Ушбу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида тарихий аҳамият касб этгани, имзоланган ҳужжатлар халқларимиз манфаатларига хизмат қилиши қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 март куни Остона шаҳрида "Ватан ҳимоячилари" монументига гул қўйди. 


Ушбу монумент Президент Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан 2001 йил Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган қозоғистонлик Ватан ҳимоячилари хотирасига бағишлаб бунёд этилган. 

Давлатимиз раҳбари тинчлик, озодлик йўлида жон фидо қилган ватанпарвар инсонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Ёдгорлик мажмуаси билан танишди. 

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон пойтахтидаги Давлат раҳбарлари хиёбонига кўчат ўтқазди. Бу ерда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов эккан дарахт баравж ўсмоқда.

Куннинг иккинчи ярмида Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев ҳамроҳлигида "Остона опера" Давлат опера ва балет театрига ташриф буюрди. 

Қозоғистон Президенти ташаббуси билан қурилган ушбу театр 2013 йилда фойдаланишга топширилган. Томоша зали 1250 кишига мўлжалланган. Қозоғистоннинг кўплаб маданий тадбирлари мазкур театрда ўтказилади. 

Олий мартабали меҳмон театр билан таништирилди. 

Президентлар бу ерда "Қиз Жибек" операсини томоша қилдилар.

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали