Президентнинг Сирдарё вилоятига ташрифи бошланди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2019 йилнинг 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифи давомида вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши, аввалги ташрифда белгилаб берилган топшириқлар ижроси, аҳолинингталаб-эҳтиёжлари билан бевосита танишиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ўтган 2018 йилнинг 13 апрелида вилоятга ташрифи давомида берилган топшириқлари ва Сайхунобод туманида кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиши якунига асосан вилоятни "2018-2019 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури" доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишларида умумий қиймати 6,3 триллион сўмлик, шундан 2,6 триллион сўми банк кредити ва 230 миллион доллар миқдоридаги хорижий инвестиция ҳисобидан 302 та лойиҳа амалга оширилиб, 15 минг 458 янги иш ўрни яратилиши белгилаб олинди.
Бугунги кунда амалда умумий қиймати 1 триллион 270 миллиард сўмлик 218 та лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 5 минг 170 янги иш ўрни яратилди ва ўтган 2017 йилги кўрсаткичларга нисбатан 2,5 баробарга кўп инвестициялар киритилди. Ушбу лойиҳаларга тижорат банклари томонидан 563 миллиард 800 миллион сўмлик банк кредити маблағлари ажратиб берилди.
Дастур доирасида ишга тушган лойиҳалардан иқтисодий самараси юқори бўлган бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, Сирдарё туманидаги "Sirdaryo Universal Oyna" масъулияти чекланган жамияти томонидан тиббиётда ишлатиладиган шиша идишлар ишлаб чиқариш, "Pharma Plast Holding" МЧЖ ва "Grаce pharma" МЧЖ томонидан тиббиётда бир марталик ишлатиладиган флаконлар ва тайёр дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, вилоятда фармацевтика саноати ривожланиб бораётганини кўриш мумкин.
Шунингдек, вилоят аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига талаби ортиб бораётганлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт ҳажмини ошириш мақсадида Мирзаобод туманида "Sirdarinskiy bereg" ва "Мирзаобод Универсал Трейд" корхоналари, Ховос туманидаги "Ҳожи Баҳодирхон Ота" ва "Ҳожи Гадойбой ота" корхоналари томонидан Корея технологияси асосида замонавий иссиқхоналар ташкил этилди.
Гулистон шаҳрида "Akbar Biznes Stroy" МЧЖ томонидан пойабзал ишлаб чиқариш лойиҳаси, Мирзаобод туманидаги "Farma Servis" МЧЖнинг музлаткич ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлашни ташкил этиш лойиҳаси, "Мирзаобод бройлер" МЧЖ томонидан Германия технологияси асосида паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиш лойиҳалари ишга туширилди.
Вилоят аҳолисига замонавий тиббий хизматлар кўрсатиш учун Гулистон шаҳрида "Сардор Жамшид" ва "Муроджон Шифо" хусусий тиббиёт масканлари, Боёвут туманидаги "Боёвут" хусусий санаторияси, Сардоба туманидаги "Сардоба Диагностика" замонавий тиббий диагностика маркази ташкил этилди.
2018 йилда умумий қиймати 74 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 4 баробардан кўпдир. Натижада 5 та хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти тўлиқ йўлга қўйилиб, 105 янги иш ўринлари яратилди.
Хорижий инвестициялар иштирокида 2018 йилда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалардан бугунги кунда 2 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, улардан бири Мирзаобод туманидаги "Дехқонобод асл анори" ишлаб чиқариш корхонаси томонидан анор шарбати ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси бўлса, иккинчиси Янгиер шаҳридаги "FLY LED GROUP" масъулияти чекланган жамияти томонидан LED лампалари ишлаб чиқариш ва " Макс Вей" корхонаси томонидан автомобилларга тормоз колоткалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаларидир.
Президентимизнинг навбатдаги ташрифи давомида ҳам вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши, аввалги ташрифда берган топшириқларнинг ижроси, аҳолининг талаб-эҳтиёжлари билан бевосита танишиш кўзда тутилган.