Қаттиқ қазилма конларини ўзлаштиришга инвестициялар ҳажми оширилади
Ўзбекистонда 70 фоиздан ортиқ қаттиқ қазилма конлари қайта ишлашга жалб қилинмаган.
Ўзбекистонда айни пайтда 70 фоиздан зиёд истиқболли қаттиқ қазилма конлари қайта ишлашга жалб қилинмаган. Геологик тадқиқотлар ва қаттиқ фойдали қазилмаларнинг стратегик муҳим турлари конларини ўзлаштиришга хорижий инвестицияларни жалб қилиш норматив-ҳуқуқий актлар порталига эълон қилинган Президент қарори лойиҳасининг асосий мазмунини ташкил этади.
Ҳужжатда келтирилишича, қимматбаҳо, рангли ва нодир металлар аниқланган 435 та ер ости участкаларининг 380 таси (87 фоизи) республиканинг минераль-хом ашё базасини ривожлантиришга мўлжалланган ўрта ва узоқ муддатли дастурларига қамраб олинмаган, қаттиқ фойдали қазилма конларининг 120 таси (71 фоизи) қайта ишлашга жалб қилинмаган.
2009 йилдан буён таклиф қилинган 38 та истиқболли майдон ва 159 та инвестицион блокдан фақатгина 10 та истиқболли майдонда геологик ўрганиш ишлари олиб борилган ва 2 та конни ишлаб чиқишга хорижий инвестиция жалб қилинган. Мазкур лойиҳалар бўйича фақатгина ўрганишнинг бошланғич босқичи ўтказилиб, конлар саноат миқёсида ўзлаштиришсиз қолган.
Ҳужжатда қайд этилишича, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш учун қаттиқ фойдали қазилмаларнинг стратегик муҳим турлари, истиқболли участка ва конлар рўйхатини ишлаб чиқиш белгиланган.