Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Қўмита томонидан брифинг ўтказилди

5325 5 Август, 2019 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 105 Kb)


2019 йилнинг 5 август куни Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун "Ўзбекистон Республикасида автомобиль йўллари қурилиши ва йўл қопламалари сифатини яхшилаш" мавзуида брифинг ўтказилди.

Брифингда таъкидланганидек, 2019 йилнинг ўтган 6 ойи давомида мамлакатимизнинг 3 298,4 км автомобиль йўлларида қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари режалаштирилган эди. Амалда 3 592,5 км автомобиль йўлларидаги йўл ишлари бажарилди. 

Жумладан, Инвестиция дастурига асосан 60 км узунликдаги умумий фойдаланувда бўлган автомобиль йўлларида қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Тўла таъмирлаш дастурига асосан эса 52 км умумфойдаланувда бўлган автомобиль йўллари тўла (капитал) таъмирланди.

Жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари дастурига асосан 1 144 км умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларида жорий таъмирлаш ва сақлаш (эксплуатация) ишлари бажарилди.

Минтақавий автомобиль йўллари ҳолатини зарур даражага келтириш орқали йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт фаолияти учун, айниқса, қишлоқ жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ва ҳудудларини истиқболли ривожлантириш бўйича ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2019 йилнинг 1-ярим йиллигида 860,4 км узунликда ички йўллар таъмирланди.

"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" давлат дастурлари доирасида эса 1 442,1 км ички хўжаликлараро автомобиль йўллари таъмирланди. 35 км дан ортиқ шаҳар кўчалари ҳамда аҳоли яшаш объектларига кириш автомобиль йўллари қурилди ва реконстукция қилинди.

Юқоридаги ишларни амалга ошириш учун қўмита тизимидаги корхоналарнинг моддий техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида 114 дона янги турдаги йўл қурилиш техникалари харид қилинди.

2019 йил охирига қадар ҳам йўл хўжалигида амалга оширилаётган ишлар жадал давом эттирилади. Хусусан, 2019 йилги Инвестиция дастурига асосан Республика бўйича 100,5 км умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларида қуриш ва реконсрукция ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги "2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги Фармони билан 2019 йил давомида қуриладиган, таъмирланадиган ва реконструкция қилинадиган автомобиль йўллари ҳамда ушбу мақсадларга ажратиладиган маблағлар белгиланган. Унга кўра жорий йил ичида мамлакатимиздаги 46,2 км – халқаро, 18,7 км – давлат,  35,6 км – маҳаллий аҳамиятдаги, шунингдек, 65 км – шаҳар кўчалари, 60 км – намунавий қишлоқ аҳоли пунктлари ва хизмат уйларига, 65 км – эркин иқтисодий, кичик саноат, иқтисодий фарм зоналарга олиб борувчи йўлларни қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.

2019 йил сўнгигача Республикадаги шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларининг ички йўлларини капитал ва жорий таъмирлаш ҳам кўзда тутилмоқда. Жумладан, "Обод қишлоқ" давлат дастури бўйича 5 200 км ички хўжаликлараро автомобиль йўллари, "Обод маҳалла" давлат дастури бўйича 400 км шаҳар кўчаларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб бориш мўлжалланган. Булардан ташқари, ҳукумат топшириқлари ва тасдиқланган "Йўл хариталари"га асосан 1200 км ички йўллар таъмирланиши ҳам белгиланган.

Брифингда журналистларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб берилди.

Автомобиль йўллари қўмитаси

матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали