Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Шавкат Мирзиёев германиялик ишбилармонлар билан учрашди​

5819 23 Январ, 2019 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 111 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мюнхен шаҳрида Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. 

Унда "Siemens", "Thyssenkrupp", "Volkswagen", "Knauf", "Claas", "MAN", "Deutsche Bahn", "Linde Group", "Falk Porcshe Technik", "Atlas International", "Tenova", "Giesecke & Devrient", "Papenburg", "Euler Hermes", "Deutsche Bank", "Commerzbank" каби Европа ва жаҳон бозорининг етакчи компаниялари, молиявий тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.

Учрашувда бугунги кунда Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган қатъий янгиланиш ва ислоҳотлар, айниқса, иқтисодиётнинг эркинлаштирилаётгани мамлакатимизнинг изчил ривожланиши ва аҳоли фаровонлигининг юксалиши учун шарт-шароит яратаётгани таъкидланди.

Германия дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторида бўлиб, улкан савдо-иқтисодий ресурслар, кенг инвестицион салоҳият ва илғор технологик ишланмаларга эга давлат ҳисобланади. Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари, юқори даражадаги инсон капитали, унинг тармоқланган инфратузилмаси, қулай инвестиция муҳити Германия билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга жиддий асос яратмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёдаги энг қулай геосиёсий жойлашувига кўра, балки ижтимоий-сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлиги билан ҳам ажралиб туради. Шунингдек, германиялик ҳамкорлар Ўзбекистоннинг иқтисодиёт тармоқларини техник ва технологик жиҳатдан модернизациялаш ва диверсификациялашга йўналтирилган пухта ўйланган сиёсий интилишини юқори баҳолайди.

Мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун қулай имкониятлар яратилаётган алоҳида қайд этилди. Уларнинг фаолиятини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш учун зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бизнес ривожи йўлидаги тўсиқлар бартараф этилди, ташқи савдо ва божхона-тариф назорати сезиларли қисқартирилди.

Хорижий инвесторлар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида, амалга оширилаётган ислоҳотларни маслаҳат ва экспертлик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, долзарб масалалар, жумладан, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Эксперт кенгашини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари учрашув иштирокчиларини ушбу кенгаш фаолиятида фаол иштирок этишга таклиф қилди.

Самарали савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлашда Германия иқтисодиёти шарқий қўмитаси муҳим ўрин эгаллаши таъкидланди.

Ташкил этилаётган Инвестиция ва технологиялар қўмитаси ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликнинг янги механизмига айланиши лозимлиги қайд этилди.

Германия ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаб, валюта ва солиқ тизимларининг либераллашуви, виза олиш тартиби соддалаштирилгани, жумладан, 30 кунгача муддатга визасиз тартиб жорий этилгани Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритиш учун қўшимча қулайликлар яратганини таъкидлади.

14 январь куни Берлин шаҳрида бўлиб ўтган бизнес-форумда қиймати 8 миллиард евродан зиёд шартнома ва келишувлар имзолангани бунинг далилидир.

Учрашувда Ўзбекистон ва Германия молиявий ташкилотлари, фирма ва компаниялари ўртасидаги шерикликни янада ривожлантириш, инвестиция-технологик ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасида Германия инвесторлари иштирокида ташкил этилган 110 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда, улардан 30 га яқини тўлиқ Германия капитали эвазига ташкил этилган.

Суҳбат чоғида мазкур ташриф икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларга янги мазмун бағишлашига ишонч билдирилди.

Германия Ўзбекистоннинг стратегик муҳим инфратузилмасини такомиллаштиришда ҳам фаол иштирок этмоқда. Шу ўринда Тошкент шаҳридаги халқаро аэропортни реконструкция ва модернизация қилиш бўйича умумий қиймати 50 миллион евро миқдоридаги йирик лойиҳани алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Германия "Навоий" эркин иқтисодий зонаси, унинг қулай имкониятларига ҳам катта қизиқиш билан қарамоқда.

Мамлакатимизда Германиянинг машҳур саноат гигантлари – "МАN", "Claas", "Knauf" ва бошқа компаниялар билан ҳамкорликда ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Автомобилсозлик соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. АҚШнинг енгил автомобиллар ишлаб чиқарувчи "General Motors" ҳамда Япониянинг кичик автобуслар чиқарувчи "ISUZU" компанияси қатори мамлакатимизда Германия автогигантларидан бири бўлган "MAN AG" компанияси билан ҳамкорликда юк автомобиллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

– Биз бу ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз, – деди давлатимиз раҳбари. – Ўзаро ишончга асосланган истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Германия молия муассасалари, фирма ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.​

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали