Сирдарё йўллари янада равонлашмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 4 сентябрдаги "2015-2019 йилларда Гулистон шаҳрининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сатҳини камайтириш, архитектура-режалаштириш қиёфасини тубдан яхшилаш билан биргаликда ижтимоий, транспорт ва мухандислик инфратузилмасини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги ПҚ-2401-сонли қарори кўплаб инфратузилма объектлари қатори Мирзачўл бағрида жойлашган сарҳадлардаги янги йўл ва магистраллар тармоқлари қурилишига ҳам имкон яратади.
Бугунги кунда мазкур қарор изчил амалга оширилмоқда. Натижада вилоят ҳудудидан ўтган халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шунингдек, Гулистон шаҳридаги йўлларни янгидан қуриш ва уларнинг таъмирлаш бўйича кўплаб лойиҳалар амалиётга жорий қилинди.
Жумладан, бугунги кунга қадар М-34 "Тошкент-Янгиер" автомобиль йўлининг 117-км да жойлашган йўл ўтказгични, 4Р-27 "Гулистон шаҳри-Дехқонобод қишлоғи" автомобил йўлининг 5 км қисмини, "Дўстлик" канали устида жойлашган 72 пм узунликдаги кўприкни реконструкция қилиш ва бошқа ишлар давом эттирилмоқда.
"Бундан ташқари, Гулистон шаҳридаги "Мустақиллик" кўчасини 2 км узунликда 4 полосада, "Бирлашган" кўчасини 1,8 км узунликда 4 полосада қайта қуриш, бу кўчаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда", - дейди "Сирдарёавтойўл" ташкилоти директори Собиржон Назаров.
Юқоридаги ишлар билан бир қаторда айни кунда шаҳардаги "Намуна", "Истиқлол" махаллалари кўчаларини, янги қурилаётган бозор мажмуасининг жанубий қисмидаги янги Г-40 автомобил йўлини қуриш, "Ўзбекистон", "Сайҳун" ва "Халқлар Дўстлиги" кўчаларини реконструкция қилиш бўйича ҳам лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Йўлсозлар таъмирлаш ишлари билан бир қаторда кўчаларда лоток, бордюр, тунги ёритгичлар ўрнатиш, пиёдалар йўлакчаси барпо этиш, баъзи жойларда эса қўшимча асфальтбетон қоплама қуриш ишларини бажаришяпти.
"Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати