Тараққиёт кўчасидаги янги автомобиль йўли
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларининг кўркига кўрк қўшилиб бормоқда. Айниқса, Тошкент шаҳрининг борган сари замонавий қиёфа касб этиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз. Янги йўлларнинг барпо этилиши, кўприклар қурилиши бугунги кунда шаҳар инфратузилмасининг янада ривож топишига хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда қурилган ва қурилаётган йўллар нафақат узоғимизни яқин қиляпти, балки шаҳарнинг кўркини ҳам очиб турибди, десак муболаға бўлмайди. Пойтахтимизнинг Тараққиёт кўчасида қурилаётган янги автомобиль йўли ҳам, худди шундай, кўзларни қувонтирадиган йўл бўлиши кутилмоқда.
"Автомагистраль" ихтисослаштирилган йўл қурилиш таъмирлаш бирлашмаси бош пудратчилиги ҳамда Зангиота туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси ёрдамчи пудратчилигида қурилаётган ушбу 6 тасмалик йўлнинг узунлиги 2,9 км масофани ташкил қилади. М.Улуғбек кўчаси ва Оҳангарон шоссесини боғлаб турувчи мазкур янги йўл фойдаланишга топширилганда, шаҳар кўчаларидаги харакат жадаллиги камайибгина қолмай, Оҳангарон шоссесига тўғридан-тўғри чиқиш имкони пайдо бўлиши ҳисобига ҳаракат иштирокчиларининг вақти ва автомобиль ёқилғиси тежалишига ҳам эришилади.
Мазкур йўл қурилиш объектида амалга оширилаётган ишлар хусусида "Автомагистраль" ИАЙҚТБ ишлаб чиқариш бўлими бош мутахасиси –
Б. Авазов, шундай дейди:
-Тараққиёт кўчасидаги янги автомобиль йўлининг қурилиш жараёнида йўл тўшамаси конструкциясининг янги усулидан фойдаланилмоқда. Ушбу усул йўл сифатини ошириш баробарида, асфальтабетон қоришмаси сарфини камайтиради ва табиийки, йўл қурилишига кетадиган харажат ҳам сезиларли равишда иқтисод қилинади. Мазкур йўл фойдаланишига топширилганда, шаҳар кўчаларида машиналар тирбандлиги камаяди ва ҳайдовчиларнинг ҳаракатланишига қулайлик яратилади.
Давлатимиз Мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши мўлжалланаётган Тарққиёт кўчасидаги мазкур янги автомобиль йўли, байрамга муносиб совға бўлади деган умиддамиз.
"Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати