Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Ташқи реклама объектлари бўйича тадбиркорлар билан учрашув

16370 16 Феврал, 2020 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 2192 Kb)


Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида 2020 йилнинг 14 февраль куни "Ташқи реклама тўғрисида"ги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича ҳуқуқий масалалар Экспертлар кенгашининг – манфаатдор вазирлик ва идоралар, реклама ассоциацияси раҳбарияти ҳамда ОАВ вакиллари иштирокидаги кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси олиб борган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес омбудсман), Адлия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Автомобиль йўллари қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, реклама Ассоциациялари, реклама фаолияти билан шуғулланаётган субъектлар, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда бугунги кунда ташқи реклама объектларини жойлаштириш йўналишида ваколатли ташкилот ва идоралар билан тадбиркорларнинг ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг айни кундаги аҳволи, уни яхшилаш омиллари ҳамда бу борада ечимини кутаётган муаммолар муҳокама қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, ташқи реклама объектларини жойлаштириш ва қуриш ишлари бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган "Реклама тўғрисида"ги 723-I-сонли қонуни, бир қанча қонуности хужжатлари ва эскирган меъёрий-норматив ҳужжатлар талаблари асосида амалга ошириб келинмоқда. Аммо ушбу тизимда ягона тартиб жорий этилмаган ва табиийки, бу ҳолат замонавий талабларга тўлиқ жавоб бера олмайди.

Бугунги кунда, қонуний фаолият олиб бораётган реклама субъектлари билан бир қаторда, ноқонуний равишда ташқи реклама билан шуғулланувчи "Тадбиркорлар", эгасиз ва рухсатномасиз баннерлар ҳам жуда кўплиги кузатилмоқда.

Айрим ҳолларда ташқи реклама объектларини умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари минтақасига жойлаштириш ҳаракат хавфсизлигига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатаётганлиги таъкидланди.

Йиғилишда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ташқи реклама объектларини жойлаштириш ва қуриш масаласи бўйича йиллар мобайнида тўпланиб қолган муаммоли масалалар ечими бўйича сўз борди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги "Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 702-сон қарорига бугунги кунда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилаётганлиги, реклама объектларини жойлаштириш ва қуриш ишлари бўйича янги тартиб ишлаб чиқилаётганлиги билдирилди.

Шунингдек, Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан ҳам айни пайтда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ташқи реклама объектларини жойлаштириш ва қуриш ишларига оид янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилаётганлиги, мавжудларига эса қўшимча ва ўзгартиришлар киритилаётганлиги тўғрисида тушунтириш берилди. Халқаро аҳамиятдаги М-39 "Алмати-Бишкек-Тошкент-Термиз" автомобиль йўли Тошкент-Чиноз йўналишининг баъзи қисмларида жойлашган реклама объектларининг олиб ташланиш сабаблари бўйича ҳам изоҳ бериб ўтилди.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўллари минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш қоидалари талабларига зид равишда ўрнатилган реклама объектлари салмоқли қисмининг жойи – берилган паспортларга нисбатан ўзгартирилганлиги, автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш қисмига ноқонуний равишда яқинлаштириб ёки йўл ўқига, шунингдек, йўл четига (обочинага), транспорт воситаларининг тўхташ жойларига ва пиёдалар йўлакларига ўрнатиб олинганлиги каби ҳолатлар йўлларда ҳаракат хавфсизлигига рахна солиб, йўлларда автотранспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.


Ташқи реклама конструкцияларининг қоидага хилоф тарзда пиёдалар йўлакларида, йўл бўйидаги кўкаламзорлаштириш ҳудудларида ва автомобиллар тўхташи учун хизмат қиладиган йўл четлари(обочина)ларда ўрнатилганлиги, оқибатда транспорт воситалари ҳайдовчилари учун йўлнинг кўриш масофасини таъминлашга тўсқинлик қилиши, шамол таъсирида йўлга ағдарилиб тушиши ёки автотранспорт воситалари устига қулаб тушиши, нотўғри ўрнатилган конструкцияларнинг юк автотранспорт воситалари кузов қисмига тегиб ҳаракатга ҳалақит бериб хавф солиши ва зарар келтириши, суғориш тизимини бузилиши ҳамда шунга ўхшаш салбий таъсирлар  автомобиль йўлларида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларида ўз аксини топмоқда. 









Бундан ташқари, автомобиль йўлларининг ўртасига ўрнатилган реклама конструкциялари йўлнинг ёритиш тизимига ҳалақит бериб, уларда электр симларининг қисқа туташувларини келтириб чиқариб, трасформаторларни ишдан чиқишига ва бунинг натижасида ёритиш тизимида узилишларга олиб келмоқда.



Ўзбекистон Республикасининг "Автомобиль йўллари тўғрисида"ги ва "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунлари билан белгиланган нормаларга зид равишда халқаро аҳамиятдаги транзит йўлларнинг қатнов қисмининг ўртасида жойлашган реклама объектлари ҳаракат иштирокчиларини эътиборини чалғитаётгани, пиёдалар иштирокида содир этилаётган йўл транспорт ходисаларининг асосий омилларидан бири эканлиги қайд этилган ҳолда, уларнинг сони тўхтовсиз кескин ошиб бораётганлиги маҳаллий ва хорижий транспорт компаниялари ва ҳайдовчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ташқи реклама объектларини жойлаштириш ва қуриш ишлари бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан матахассислар фикри ва халқаро тажрибани чуқур ўрганилмоқда. 

Зеро, ташқи реклама конструкциялари халқаро аҳамиятдаги транзит йўлларига ўрнатилиши бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги асосий мезон – йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдир. Автомобиль йўлларининг асосий вазифаси эса - транспорт воситаларининг узлуксиз ҳаракатланиши учун хизмат қилиш, ҳаракат иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш. Йўллардан реклама объекти сифатида фойдаланиш эса ушбу мақсадлар доирасига кирмайди. Рекламанинг – ҳайдовчилар эътиборини чалғитиши ва алал-оқибат бунинг оқибатида кўнгилсизлар содир бўлишига – бизда ҳам, ривожланган давлатларда ҳам йўл қўйилмайди. 

Автомобиль йўллари қўмитаси

матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали