Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорлик

9054 4 Сентябр, 2015 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 399 Kb)


Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпиннинг таклифига биноан 2-3-сентабр кунлари ташриф билан Пекин шаҳрида бўлди.  



Давлатимиз раҳбари 3-сентабр куни Пекин шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70-йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимларда иштирок этди.  

Хитой халқи ўша йиллардаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларга қарамай мардонавор курашиб, Иккинчи жаҳон урушининг ҳур фикрли инсоният фойдасига якунланишига улкан ҳисса қўшган.  

Пекин шаҳридаги Тянанмен майдонида ушбу ғалабанинг 70-йиллигига бағишлаб ўтказилган ҳарбий парад умумбашарий аҳамият касб этди. Унда ўттизга яқин мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари, БМТ, ШҲТ каби халқаро тузилмалар раҳбарлари қатнашди.  

Ҳарбий парад ўтказишдан кўзланган асосий мақсад халқлар озодлиги йўлида жон фидо қилган инсонлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш, дунёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда ҳамкорликни кучайтириш, ёш авлод қалбида тинчликни қадрлаш туйғуларини шакллантиришдир.  

Давлатимиз раҳбарининг Пекинда ўтказилган тантанали маросимларда иштирок этиши мамлакатимизнинг дунёда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга интилиши, шу билан бирга, Ўзбекистон ва Хитой халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси бўлди.  

Ташриф асносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпин билан учрашди.  

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, молия, қурилиш, илм-фан, таълим, маданият соҳаларидаги кенг кўламли ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.  

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан биридир. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бораётир. Хусусан, 2014-йилда бу кўрсаткич 4,7 миллиард АҚШ долларига етган. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро савдо айланмаси 11,7 фоиз ўсган.  

Мамлакатимизда хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган 582 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг саксондан зиёди тўлалигича Хитой инвеститсиялари ҳисобига ташкил этилган. Юртимизда Хитойнинг етмишдан ортиқ компанияси ўз ваколатхонасини очган.  

2013-йилда ташкил этилган Ўзбекистон – Хитой юқори технологиялар саноат парки – "Жиззах" махсус индустриал зонасида мобил телефонлар, тикув машиналари, қурилиш материаллари, қуёш коллекторлари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.  

"Ўзбекистон темир йўллари" аксиядорлик жамияти ва Хитойнинг Чина Раилwай Туннел Гроуп компанияси ҳамкорлигида қурилаётган Ангрен – Поп темир йўли Ўзбекистон билан Хитой ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғининг аҳамият жиҳатидан муҳим бўғинига айланади. Бу мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янада кенгайишига хизмат қилади.  

Хитой Миллий нефт-газ корпоратсияси (CНПC) мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол иштирок этмоқда. Ўрта Осиё – Хитой газ қувури қувватларини ошириш, Хитойга узлуксиз табиий газ етказиб беришни таъминлаш, Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.  

"ПолиТекноложи" компанияси билан ҳамкорликда Ангренда автомобил ва қишлоқ хўжалиги техникаси учун шиналар ҳамда конвейер лентаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.  

"Ўзбекистон – Хитой" ҳамда "Хитой Халқ Республикаси – Марказий Осиё мамлакатлари" дўстлик жамиятлари ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.  

Фан-техника муассасалари ўртасида илмий ҳамкорлик, олий ўқув юртлари орасида талабалар алмашуви кенгаймоқда. Хитойда ўзбек тили, Ўзбекистонда хитой тили ўргатилмоқда. Мамлакатларимизда ўзаро маданий мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган кино кунлари, бадиий кўргазмалар, фестиваллар ўтказилмоқда.  

Пекинда ўтган олий даражадаги мулоқот чоғида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, уни янада ривожлантириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар, ўзларини қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикасига ташрифи доирасида 3-сентабр куни ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кетсян билан учрашди.  

Суҳбат чоғида Президент Ислом Каримовнинг ушбу ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро стратегик шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.  

Томонлар олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.  

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи ниҳоясига етди. Давлатимиз раҳбарининг Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтиргани хайрли қадам, Хитой раҳбарияти билан самарали музокаралари халқларимиз манфаатлари йўлидаги муҳим амалий тадбир бўлди.  

"Ўзавтойўл" АК Матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали