Тошкент метрополитени "Ўзбекистон темир йўллари" таркибига киритилди
Тошкент метрополитени раҳбари - "Ўзбекистон темир йўллари" раиси ўринбосари бўлади. Тошкент метрополитени "Ўзбекистон темир йўллари" акционерлик жамияти ташкилий тузилмасидан жой олди. 28 октябрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорида ушбу ўзгариш кўзда тутилган.
"Ўзбекистон темир йўллари"нинг янгиланган ташкилий тузилмасида метрополитен бошлиғи АЖ раиси ўринбосари этиб белгиланган. Аввалроқ эса Тошкент метрополитени пойтахт йўловчи транспортларини бошқарувчи "Тошшаҳартрансхизмат" компанияси таркибига киритилган эди.
Айни пайтда "Ўзбекистон темир йўллари" томонидан Чилонзор йўналишининг "Олмазор" бекатидан Сергели туманига элтувчи ер усти метроси қурилиши бошлаб юборилган. Шунингдек, Юнусобод тармоғи қурилишини якунига етказиш бўйича ҳам ишлар давом эттирилмоқда.
Сергели тармоғининг узунлигини 7,1 км бўлиб, олтита бекатга эга бўлади (қурилиш тўрт йил давом этади). Юнусобод тармоғида эса "Шаҳристон" бекатидан "Туркистон" станциясигача бўлган 2,7 километрлик оралиқда яна бир бекат жойлашади (лойиҳанинг қачон якунига етказилиши ҳозирча маълум эмас).
Тошкент метроси 1977 йилда Марказий Осиёда биринчи бўлиб ишга туширилган. Унинг узунлигини 12,2 километрни ташкил этиб, станциялар сони 9 та эди (ҳозирги Чилонзор тармоғи). 2001 йил сентябрда олтита бекатга эга учинчи йўналиш — 7,6 км узунликдаги Юнусобод йўли фойдаланишга топширилди. Айни пайтда фаолият кўрсатиб келаётган уч тармоқнинг умумий узунлиги 36,2 км бўлиб, уларда 29 бекат жой олган.