Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Тошкент шаҳридаги кўчалар таъмирлана бошланди

11366 9 Март, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 816 Kb)


Жорий йилнинг 7 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика Йўл жамғармаси бошқарув кенгаши томонидан "2017 йилда Тошкент шаҳри туманларининг йўл инфратузилмасини ривожлантиришнинг манзилли дастури" тасдиқланди.

Мазкур дастурга мувофиқ Тошкент шаҳри кўчаларини жорий ва тўла таъмирлаш ишлари 2017 йилнинг ўзида икки босқичда асосан – биринчи навбатда ҳамда йил давомида таъмирланиши зарур бўлган кўчалар кесимида амалга оширилади. 

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бугунги кунда кўчаларнинг таъмири ва улардаги инфратузилмани яхшилаш ишлари бошланган ва улар айни кунда ҳам жадал суръатлар билан давом эттирилмоқда. Таъмир ишлари Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тизимидаги корхоналар, жумладан, "Автомагистраль", "Тошкенткўприк" ҳамда "Трансйўлқурилиш" ташкилотлари томонидан амалга оширилмоқда.

Масалан, Юнусобод тумани "Юқори Қорақамиш", "Мойқўрғон" ва "Барака" кўчаларидаги жами 7,1 км узунликдаги жорий таъмирлаш, Сергели тумани "Обиҳаёт", "Нилуфар", "Райҳон", "Дарё бўйи", "Канора" кўчаларидаги 9,5 км узунликда тўла таъмирлаш ишлари бошланди.

Ушбу участкалардаги йўлларнинг таъмир ишлари билан қуйидаги суратлар орқали танишишингиз мумкин:








Тошкент шаҳридаги кўчаларнинг инфратузилмасини ривожлантириш ва таъмирлаш мақсадлари учун 1-босқичда - 20,6 миллиард сўм, 2-босқичда эса - 50 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги "2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорида бутун Республикадаги, жумладан, Тошкент шаҳридаги ички йўллар ва кўчаларнинг таъмирланиши туманлар кесимида белгилаб берилган эди.

Пойтахтнинг бошқа туманларидаги кўчаларнинг таъмир жараёни билан сайтимиз орқали мунтазам равишда таништириб борамиз.

"Ўзавтойўл" матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали