"Wirtgen" компанияси вакиллари иштирокида семинар
"Ўзавтойўл" ДАКда
Германиянинг "Wirtgen International GmbH" компанияси вакиллари иштирокида
семинар бўлиб ўтди. Мазкур семинардан кўзланган асосий мақсад - автомобиль
йўлларини қуриш ва сақлаш ишларида қўлланиладиган замонавий инновацион
технологиялар ва ускуналар билан танишиш ҳамда компания тизимида меҳнат
қилаётган йўлсозлар ва уларнинг немис ҳамкасблари ўртасида йўлга қўйилган
ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборатдир.
Маълумот ўрнида шуни айтиш
лозимки, "Wirtgen International GmbH" компанияси – машинасозлик саноатида
фаолият олиб борадиган халқаро "Wirtgen Group" компаниялар гуруҳининг таркибий
қисми ҳисобланиб, унинг 2014 йилдаги умумий маблағ айланмаси 2,01 миллиард
еврони ташкил этган. Халқаро "Wirtgen Group" компаниялар гуруҳига бундан ташқари "Vоgele", "Hamm", "Kleemann" ва
"Benninghoven" каби йирик компаниялар ҳам аъзо. Уларнинг бош офиси Германияда,
қўшимча ишлаб чиқариш марказлари эса Бразилий, Хитой ва Ҳиндистонда жойлашган.
Заводлардаги йўл қурилишига
ихтисослашган машиналарни лойиҳалаштиришдан ториб, уларни йиғиш ҳамда сифатини
текшириш - корхоналарнинг ўзида ўрнатилган махсус техник тизимлар ёрдамида
назорат қилинади ва бунда жаҳон стандартларидаги замонавий сифатга алоҳида урғу
қаратилади.
Бўлиб ўтган семинар давомида "Wirtgen
International GmbH" компанияси вакиллари томонидан янги технология ва
инновацион лойиҳалар асосида цемент-бетон қоришмасини тайёрлаш ва ётқизиш,
асфальт-бетон қоришмасини мустаҳкамлаш, ресайклерлардан фойдаланиш каби
мавзуларда маърузалар қилинди. Шунингдек, компаниянинг янгиланган маҳсулотлар
тизими ҳақидаги кўргазмали намойишлар ташкил этилди.
Семинар якунлари бўйича ўзбек ва немис компаниялари раҳбарияти ўртасида бўлиб ўтган учрашувда томонлар йўл қурилиши борасидаги келгусидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистонда ҳозиргидек фойдали тадбирларни ташкил этиш, бундан ташқари ўзбек йўлсозларини Германияга тажриба алмашиш учун йўллаш, йўл саноати ривожланган бу мамлакатдаги асфаль-бетон ва цемент-бетон асосга эга бўлган автомобиль йўлларини қуриш ва сақлаш борасида йўлга қўйилган анъаналарни ўрганиш масалалари бўйича бундан буён ҳам музокаралар ўтказишга тайёр эканликларини маълум қилишди.
"Ўзавтойўл" ДАК матбуот хизмати