Халқаро пресс-клубда минтақа транспорт йўлаклари истиқболлари
Маълумки, 2018 йилнинг 20-21 сентябрь кунлари Тошкентда "Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар" мавзуидаги халқаро конференция бўлиб ўтади. Халқаро Пресс-клубнинг 17 сентябрда ўтказилган навбатдаги сессияси шу воқеага бағишланди ва унда Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев иштирок этди.
Халқаро конференцияни юқори савияда ўтишини таъминлаш ва унга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Қўмита томонидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг ҳар бир банди бўйича масъуллар белгиланган ва тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, халқаро конференцияга йўл қурилиши ва эксплутацияси соҳасидаги чет эл хамкорларининг 50 кишилик рўйхати шакллантирилди ва Ташқи ишлар ва Ташқи савдо вазирликларига тақдим этилди.
Таклиф этилган меҳмонлар орасида – Халқаро йўл федерацияси вакиллари, ТРАСЕКА Ҳукуматлараро комиссия бош котиби, Халқаро йўл ассоциясининг бош котиби, Осиё тараққиёт банки экспертлари, Сингапур транспорт ва коммуникация вазирлиги, Япония, Германия, Туркия ҳамда Марказий Осиёнинг йўл соҳасидаги компаниялари топ-менеджерларини киритиш мумкин.
Конференцияга тайёргарлик доирасида – йўл соҳасида бажарилаётган ишлар, халқаро маршрутлар, уларни янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган тадбирлар, янги халқаро маршрутларини очиш, автомобиль йўллари ҳолатлари ҳамда йўлларни таъмирлаш учун халқаро молия институтлар билан олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар ташкилотчиларга ҳамда таклиф этилган меҳмонларга тақдим этилди.
Анжуманга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида – Ташқи савдо вазирлиги бошчилигида тузилган Оператив штабга қўмита томонидан доимий асосда ишлайдиган 4 нафар ходим ажратилди.
Бугунги кунга қадар қўмита томонидан таклиф этилган меҳмонларнинг 27 таси – Халқаро конференцияда иштирок этишларини тасдиқлади ва конференцияни ўтказиш бўйича яратилган сайтдан рўйхатдан ўтдилар.
Шуни таъкидлашни истардимки, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Конференция доирасидаги 3-чи секция мажлисида қатнашадилар. Мазкур секцион йиғилиш қатнашчилари сони 110 та бўлиб, унда хорижий меҳмонлардан 71 та, Ўзбекистон томонидан эса 39 та мутахассис иштирок этади.
Шу билан бирга, ТРАСЕКА Ҳукуматларро комиссияси бош котиби Мирча Чиопра ва Сингапур транспорт вазири ўринбосари Келвин Фуа юқорида кўрсатиб ўтилган секция мажлисида ўз маърузалари билан иштирок этишганини маълум қилганлар.
Республикамиздаги жами автомобиль йўллар тармоғи қарийб 184 минг км узунликда бўлиб, ундан 42676 километри – умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, 116560 км - ички хўжаликлараро, қишлоқ, шаҳар ва овулларнинг автомобиль йўллари, 24750 км эса - идоравий инспекторлик йўллари тармоғи ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига асосан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасига - автомобиль йўллари соҳасида ягона техник сиёсатни олиб бориш, автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш, автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш ҳамда бошқа вазифалари ва фаолият йўналишлари юклатилган.
Сўнгги давр ичида автомобиль йўллари қурилиши ҳамда таъмири сифатига ёндашув тубдан ўзгарди. Шу мақсадда - замонавий транспорт қатновини инобатга олган тарзда, автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ўзида акс эттирган, автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш, бу ишларни молиялаштириш масалаларини ўзида қамраб олган комплекс тизим ишлаб чиқилди.
Сўнгги икки йил ичида жаҳон миқёсида автотранспорт воситасида юкларни ташиш ҳажми 50,8 фоиздан – 70,6 фоизга ошган. Шундан келиб чиққан ҳолда, транспорт-транзит автомобиль йўлларидан самарали фойдаланиш – ҳар қандай давлат учун улкан даромад манбаидир.
2017 йилнинг охирида Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги транспорт коммуникацияларини ривожлантиришнинг ягона дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди. Қўшниларимиз билан самимий алоқалар тиклангани эса кўп соҳалар қатори улар билан ҳамкорликда янги автомобиль йўллари қуриш, у орқали хориж давлатларига йўл очиш, айни пайтдаги автомобиль йўлларини эса биргаликда таъмирлаб, фойдаланиш каби ғоят самарали ишлар ҳақида келишиб олинмоқда.
Буларнинг натижасида юкларни автомобиль йўллари орқали ташиш ҳажми – ўтган йил якунларига кўра 1,04 миллиард тоннани ташкил этиб, бу – олдинги йилга қараганда 3,7 фоизга кўп. Транзит юкларни ташиш ҳажми ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 10 та халқаро транспорт йўлаклари ҳамда ушбу йўналишлардаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, қайта қуриш ва фойдаланиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатимиз бу борадаги 11 халқаро конвенция аъзоси ҳисобланади, 29 давлат билан соҳага тегишли шартномаларга имзо чеккан.
Ушбу тадбирлар доирасида – Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан халқаро юкларни ташишга мўлжалланган 52 та автомобиль йўллари белгиланган.
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси
матбуот хизмати