Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

"Ягона дарча" марказлари ҳокимиятлардан Адлия вазирлигига ўтказилди

17529 2 Феврал, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 105 Kb)


"Ягона дарча" марказлари Адлия вазирлигига ўтказилиб, улар орқали расмийлаштириладиган лицензия ва рухсатномалар сони 16 тадан 102 тага оширилди.

"Ягона дарча" тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатиш марказлари туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Адлия вазирлиги бошқарувига ўтказилмоқда. Бу Президентнинг 1 февралдаги "Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида ўз аксини топди.

Қарорга берилган расмий шарҳда келтирилишича, ўзгаришлар давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида сансалорлик, бюрократик тўсиқлар ва расмиятчилик ҳолатлари вужудга келишига йўл қўймасликка, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали уларнинг сифати ва самарадорлигини тубдан оширишга қаратилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, лицензия ва рухсатнома бериш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида давлат хизматларини "ягона дарча" тамойили асосида кўрсатишни самарали ташкил этишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммолар сақланиб келмоқда.

"Тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлаши учун ҳанузгача турли давлат органларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқда, лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш жараёнларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан зарур даражада фойдаланилмаяпти, кўпчилик давлат хизматлари, афсуски, ҳали ҳам анъанавий усулларда, қоғоз шаклида кўрсатилмоқда", — дейилади шарҳда.

Банклар ва кредит бюролари, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналаридан ташқари барча тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш "ягона дарча" марказлари зиммасига юклатилмоқда. Бундай чора тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг мавжуд тарқоқ тизими ўрнига янги, яхлит тизимни яратишга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги "ягона дарча" марказлари фаолиятига умумий раҳбарликни ҳамда тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишга оид қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи ваколатли орган этиб белгиланди. Мазкур вазифаларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Давлат хизматларини кўрсатишни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси, жойларда эса унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади.

"Ягона дарча" марказлари орқали давлат хизматларини сифатли ва самарали кўрсатишга тўсқинлик қиладиган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш учун тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика ва ҳудудий комиссиялар ташкил этилмоқда.

Қарорда талаб энг юқори бўлган қўшимча 86 турдаги лицензия ва рухсатномаларни "ягона дарча" марказлари орқали расмийлаштириш механизмини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилмоқда. "Ягона дарча" марказлари барча зарур келишиш тартиб-таомилларини тадбиркорлик субъекти иштирокисиз мустақил амалга оширади.

2018 йил 1 январдан бошлаб "ягона дарча" марказлари орқали тақдим этиладиган лицензия ва рухсатномаларни қоғоз шаклидаги махсус бланкаларда мажбурий расмийлаштириш талаби бекор қилинади. Бунда берилган, тўхтатиб қўйилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган, шунингдек амал қилиши тугатилган рухсатнома ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни "Лицензия" ахборот тизимлари мажмуаси орқали олиш имконияти яратилади. Мазкур мажмуа 2017 йилнинг I чорагидан ишга туширилади. Тадбиркорлар нафақат давлат хизматларини электрон шаклда олиш, балки аризаларни кўриб чиқиш жараёнини кузатиш имкониятига эга бўлади.

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали