Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Йўлсозлар Наврўзни байрам қилишди

11439 23 Март, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 1184 Kb)


Ўзбекистон Автомобиль йўллари Давлат қўмитаси мажлислар залида "Ўлкамизга хуш келдинг, Наврўз!" мавзуида маданий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда қўмита раиси А.Абдувалиев йиғилганларни яқинлашиб келаётган баҳор, уйғониш ва кўкламги тенглик байрами бўлмиш – Наврўзи олам билан табриклаб, бу байрам мамлакатимизда яшаётган миллати, тили, динидан қатъи назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган умумхалқ байрамига айлангани, мамлакатимиз аҳли умумий уйимиз – Ўзбекистонимиз равнақи йўлида барча соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётгани, иқтисодий тараққиётга ўзларининг муносиб улушларини қўшиб келаётган йўлсозларнинг бугунги меҳнати – тинчлик ва барқарорлик ҳукм сураётган юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилаётганини таъкидлади.


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Бобур Бобомурод ўз чиқишида халқимизнинг неча асрлик байрами бўлмиш – Наврўзи олам истиқлол сабаб халқнинг ўзига қайтарилганини айтиб, барчани ушбу улғ айём билан қутларкан, борлиқдаги уйғониш, янгиланиш ва яшариш озод ва обод Ватанимизга боқий байрам, қут-барака, тўкинлик ва меҳру оқибат рамзи – Наврўзи олам келганидан дарак берганини сўзлади. Байрамда ўзининг дилтортар шеърларидан ўқиб берди.


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек Миллий академик драма театрининг актрисаси Хосият Ҳусанованинг чиқиши барча йиғилганларнинг юзига табассум югуртирди.


Элимизнинг таниқли санъаткори, хушовоз хонанда Аъло Раҳимованинг қўшиқлари байрамга ўзгача файз киритди.


Тадбир байрамона, кўтаринки руҳда якунланди.

Қўмита матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали