Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Регламент

29205 Распечатать Скачать (103 Kb)

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича

ЙЎРИҚНОМА

 

I.Умумий қоидалар

 

1. Ушбу йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасига, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг 03.12.2014 йилги ЎРҚ-378 -сонли Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, ташкилот ва  идоравий мансуб корхоналарида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (кейинги ўринларда мурожаатлар деб юритилади) билан ишлаш тартибини белгилайди.

2. "Жисмоний ва юридик шахсдарнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён қилинган бўлиши керак.

Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён килинган бўлиши керак.

Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

Ёзма мурожаат, мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс раҳбарининг ёки ваколатли шахснинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган такдирда, бу мурожаатлар уни ёзган шахснинг имзоси билан тасдикланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам кўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларга эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ ном, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланади.

Мурожаат этувчи жисмоний ва юридик шасхснинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

 

II. Мурожаатларни қабул килиш ва рўйхатдан ўтказиш

 

3. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналарда ёзма ва оғзаки мурожаатларини қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш, шунингдек дастлйбки кўриб чиқиш ишларини ташкилотнинг умумий бўлими (девонхона) ёки иш юритувчи ходим олиб боради. "Шахсан" устхатли ёзма мурожаатлар ҳам рўйхатдан  ўтказиш учун умумий бўлим (девонхона) га берилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналарга тушадиган барча ёзма мурожаатлар умумий бўлим (девонхона) томонидан мазкур Йўриқноманинг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланган шакл бўйича рўйхатдан ўтказилади ва ҳисобга олинади.

Ёзма мурожаатларнинг конвертлари, агар фақат улар орқали мурожаатни жўнатувчининг манзилини аниқлаш, мурожаатни жўнатиш ва қабул қилиб олиш вақтини тасдиқлаш учун почта муҳрининг санаси зарур бўлганда ҳамда бошқа зарур ҳолларда йўқ қилинмайди.

5. Мурожаатни рўйхатдан ўтказиш индекси, қоидага кўра, биринчи варақнинг қуйи чап қисмига қўйиладиган ўрнатилган нусҳадаги рўйхатдан ўтказиш муҳрида кўрсатилади. Рўйхатдан ўтказиш индекси "А" бош ҳарфидан, чиқиш ҳужжатлари индекслари, тушган мурожаатнинг тартиб рақамидан ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш санасидан (масалан, А-3, 15.01.2014 й.) иборат бўлади. Рўйхатдан ўтказиш индекси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тизимлаш, излаш, таҳлил қилиш ва сақланишини таъминловчи бошқа белгилар билан ҳам тўлдирилиши мумкин.

6. Фуқаролар шахсан қабул қилинганда уларнинг оғзаки мурожаатлари мазкур Йўриқноманинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги қайдлов варақасида, ёзма мурожаатлари 3-иловага мувофиқ шаклдаги қайдлов-назорат варақасида рўйхатдан ўтказилади. Алоҳида ҳолларда баённома тўлдирилади.

7. Жисмоний ва юридик шахсларнинг такрорий мурожаатлари тушганда уларга навбатдаги рўйхатдан ўтказиш индекси берилади, қайдлов-назорат варақасининг тегишли графасида олдинги мурожаатнинг рўйхатдан ўтказиш индекси кўрсатилади.

Қайдлов-назорат варақасининг ўнгдаги қуйи бурчагида "такрорий" деган белги қўйилиди ва барча олдинги ёзишмалар кўриб чиқилади.

Битта жисмоний ва юридик шахсдан (фуқаролардан) битта масала бўйича тушган оғзаки мурожаатлар ёки ёзма мурожаатларда:

Олдинги мурожаат бўйича қабул қилинган қарор юзасидан норозилик билдирилса;

Олдинги мурожаатнинг ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги тўғрисида хабар қилинса, агар унинг тушган вақтидан буён қонунда белгиланган кўриб чиқиш муддати ўтган бўлса;

Олдинги мурожаатни кўриб чиқишда ва ҳал этишда йўл қўйилган бошқа камчиликлар кўрсатилса, улар такрорий мурожаатлар ҳисобланади.

Умумий бўлим (девонхона) томонидан жисмоний ва юридик шахслар томонидан такрорий равишда ёзилган аризаларни ва оғзаки мурожаатларнинг алоҳида ҳисоби юритилади.

8. Қайдлов-назорат варақалари ва картотекалар нусҳаларининг сони мурожаатлар бўйича ҳисобга олишни, маълумот ишларини, топшириқларнинг бажарилиши назоратини ва уларнинг таҳлилини таъминлаш заруратидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Картотекалар уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби бўйича шакллантирилади. Картотекалар аризалар, шикоятлар ва таклифлар тушган шахслар фамилияларининг алфавит тартибида жойлашиши, мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг мавзуси бўйича қўшимча равишда шакллантирилиши ҳам мумкин.

Зарур ҳолларда мурожаат этган жисмоний ва юридик шахслар фамилияларининг алфавит кўрсаткичлари юритилиши мумкин.

9. Мурожаат тушган умумий бўлим (девонхона) унинг юборилган манзилининг тўғрилигини текширади, мурожаатнинг мазмунини аниқлайди, унга кириш тартиб рақамини беради, келган санасини қўяди, маълумотни рўйхатдан ўтказиш дафтарига ҳамда компьютер маълумотлар базасига киритади.

10. Аноним мурожаатлардан бошқа барча мурожаатлар назоратга олинади ва мурожаатларнинг кўриб чиқилиши Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналарнинг умумий бўлим (девонхона) томонидан назорат қилиб;борилади.

11. Агар мурожаатларда қўйилган масалаларни ҳал этиш Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналар ваколати доирасига кирмаса, у ҳолда мурожаат беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга юбориб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

Мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.

Агар мурожаатларда уларни; тегишли органларга юбориш учун зарур маълумотлар мавжуд бўлмаса, бу мурожаатлар мурожаат этувчига беш кунлик муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан қайтарилади.

12. Тегишли органларга юборилган мурожаатлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналарининг топшириқлари, уларда қўйилган масалаларнинг моҳиятига қараб таркибий бўлинмалар томонидан уларнинг ваколати доирасида назоратга олинади.

 

III. Мурожаатларни кўриб чиқиш

 

13. Умумий бўлим (девонхона)да рўйхатдан ўтказилган мурожаатларни уларга илова қилинган ҳужжатлар билан биргаликда тушгандан сўнг бир иш куни мобайнида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналарнинг тегишли таркибий бўлинмаларига уларнинг ваколатига мувофиқ юборилади.

14. Таркибий бўлинмаларнинг ваколатига кирадиган мурожаатлар улар томонидан моҳиятига кўра кўриб чиқилади.

15. Қонун ҳужжатларига мувофиқ мурожаатларини кўриб чиқишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:

Таклифлар тушган кунидан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно ва бу ҳақда таклиф киритган шахсга ўн кун муддат ичида маълум қилинади;

Ариза ёки шикоятлар масалани моҳиятига кўра ҳал этиши шарт бўлган Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналарга тушган кунидан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб этмайдиган ариза ёки шикоятлар эса ўн беш кундан кечиктирилмай кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналар томонидан ҳал этиш шарт бўлган ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари раҳбар томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳакда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Таклиф келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.

Мурожаатнинг ижро муддатини ҳисоблаш унинг рўйхатдан ўтказилган санасидан бошланади.

Аноним мурожаатлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда ҳамда қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

16. Мурожаатларга жавоблар Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналар раҳбарларининг, зарур ҳолларда эса, раҳбар ўринбосарлари имзоси билан тайёрланади. Жавоб ёзма ёки оғзаки шаклда берилиши мумкин. Оғзаки жавоб берилган тақдирда қайдлов-назорат варақасига тегишли ёзув киритилади.

17. Назоратга олинган мурожаатда кўтарилган масалалар тўлиқ кўриб чиқилиб, қабул қилинган қарор ҳақида аризачига хабар берилгандан кейин уни кўриб чиқиш тугалланган ҳисобланади.

18. Оралиқ жавоблар берилган ва мазмунан кўриб чиқилмаган мурожаатлар назоратдан чикарилмайди.

Мурожаатларни назоратдан чиқариш раҳбар ёки унинг ўринбосарларининг рухсати билан амалга оширилади.

19. Битта масала бўйича бир неча маротаба қилинган мурожаатлар юзасидан илгари асосланган жавоблар берилган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналарининг раҳбарлари мазкур масала бўйича мурожаатни кўриб чиқмаслик тўғрисида қарор қабул қилиш ҳукукига эга ва бу ҳақда мурожаатчига маълум қилинади.

20. Мурожаатлар кўриб чиқилгандан сўнг уларга тегишли барча материаллар билан бирга умумий бўлим (девонхона)га қайтарилиши лозим. Ҳар бир мурожаатда узил-кесил, қарор қабул қилинган ва ижро этилгандан сўнг "Йиғма жилдга" деган ёзув ва мазкур қарорни қабул қилган шахснинг шахсий имзоси бўлиши лозим.

21. Мурожаатлар ва уларга берилган жавобларнинг нусҳалари ва уларни ҳал этиш билан боғлиқ ҳужжатлар ҳамда фуқароларнинг шахсан қабул қилинганига оид ҳужжатлар умумий бўлим (девонхона) томонидан ишларнинг тасдиқланган номенклатурасига мувофиқ йиғма жилдга расмийлаштирилади.

Йиғма жилдларда ҳужжатлар хронологик ёки алфавит тартибида жойлаштирилади. Ҳар бир мурожаат, уни кўриб чиқишга ва ҳал этишга оид барча ҳужжатлар йиғма жилдда алоҳида гуруҳни ташкил этади. Такрорий мурожаат олинганда ёки қўшимча ҳужжатлар келганда улар, мазкур ҳужжатлар гуруҳига қўшиб қўйилади.

Йиғма жилдларни шакллантиришда ҳужжатларнинг йиғма жилдга йўналтирилганлигининг тўғрилиги ва тўлиқлиги текширилади. Ҳал этилмаган, шунингдек нотўғри расмийлаштирилган ҳужжатларни йиғма жилдларга жойлаш таъкиқланади.

22. Мурожаатларга оид ҳужжатларнинг сақланиши бўйича жавобгарлик умумий бўлим (девонхона)га юкланади.

Мурожаатларга оид ҳужжатларни сақлаш муддати ўрнатилган тартибда белгиланади. Қоидага кўра, мурожаатларни сақлашнинг беш йиллик муддати белгиланади, шундан сўнг улар йўқ қилиш учун архивга топширилади.

 

IV. Фуқароларни шахсан қабул қилиш тартиби

 

23. Фуқароларни шахсан қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитасининг раиси ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналар директорлари, унинг ўринбосарлари ва раҳбарларнинг топширикларига биноан функционал вазифаларига мувофиқ масъул ходимлар томонидан амалга оширилади. Фуқароларни шахсан қабул қилиш жадвалга мувофиқ, махсус қабул килиш хонасида амалга оширилади.

24. Умумий бўлим (девонхона) раҳбар ҳамда унинг ўринбосарларининг қабулини ташкиллаштиради, фуқарони шахсан қабулга ёзади. Раҳбарнинг ўринбосарлари қабулини ташкил этишда умумий бўлим (девонхона)га тегишли ўринбосар котибияти, ёрдамчиси бевосита амалий ёрдам кўрсатади.

25. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналарда шахсан қабул тартиби раҳбарнинг мутасадди ўринбосари билан келишилган ҳолда белгиланади.

26. Раҳбар ҳамда унинг ўринбосарлари қабулига ёзилган фуқароларга қабул варақаси расмийлаштирилади, уларнинг олдинги мурожаатлари бўйича маълумотлар  тўпланади.

27. Фуқароларнинг шахсан қабулида қуйидагилар иштирок этадилар:

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналар раҳбари қабулида умумий бўлим (девонхона) мудири, юридик маслаҳатчи ва таклиф этилган мансабдор шахслар;

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналар раҳбари ўринбосарлари қабулида умумий бўлим (девонхона) мудири, юридик маслаҳатчи ва таклиф этилган мансабдор шахслар.

28. Фуқароларни қабул қилиш варақалари ёки уларнинг аризалари умумий бўлимда (девонхона)да рўйхатдан ўтказилади ва Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналар раҳбари ва унинг ўринбосарлари кўрсатмаларига мувофик тегишли таркибий бўлинмаларга берилади.

29. Шахсан қабул қилинган мурожаатлар "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўгрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг 03.12.2014 йилги ЎРҚ-378- сонли Қонунининг 19-моддасида белгиланган муддатларда бажарилади.

30. Шахсан қабулдаги масалалар бўйича берилган топшириқларнинг бажарилишини назорат қилиш умумий бўлим (девонхона) томонидан амалга оширилади.

31. Топшириқлар бажарилгандан сўнг мурожаат топшириқ берган мансабдор шахс томонидан назоратдан чиқарилади.

32. Фуқароларнинг шахсан қабул қилиниши ҳисоби фуқароларни қабул қилиш дафтари ва қайдлов варақаларида юритилади. Уларда фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш манзили, мурожаатнинг мазмуни, мурожаатни кўриб чиқиш натижалари, зарур бўлганда мурожаатни бажариш учун кимга ва қаерга юборилганлиги, бажариш муддати, бажарилганлиги тўғрисидаги белги мавжуд бўлади.

Умумий бўлимда (девонхона) фуқаролар учун маълумот сифатида фуқароларни шахсан қабул қилиш кунлари ва вақти тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлиши лозим.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси ижро аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бош бошқарма, идоравий мансуб ташкилотлар ва корхоналар раҳбар ва унинг ўринбосарлари ҳамда юқори турувчи органлар раҳбарларининг қабул қилиш кунлари ва вақти тўғрисидаги маълумотлар фуқаролар учун қулай жойда жойлаштирилган бўлиши шарт.

33. Фуқаро оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи хужжат кўрсатиши керак.

Фуқарони қабул қилиш, агар унинг бир неча бор қилган мурожаати асоссиз, қонунга хилоф хусусиятга эга бўлса ёки унинг мурожаати бўйича қарор қабул қилиб бўлинган бўлса, рад этилиши мумкин.

 

V. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича

 олиб борилган ишларни назорат қилиш

 

34. Умумий бўлим (девонхона), шунингдек таркибий бўлинмалар раҳбарлари мурожаатларни кўриб чиқиш ишларининг ҳолатини мунтазам равишда текшириб боришлари, такрорий мурожаатини келтириб чиқарадиган қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятлари бузилиши сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чора- тадбирларини кўришлари шарт.

35. Умумий бўлим (девонхона) фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича амалга оширилгаи ишлар тўғрисида ҳар ойда раҳбар ёки унинг ўринбосарига ахборот тақдим этади.

 

 

VI. Мурожаатларга жавоб бериш муддатлари ва тартиби

бузилганлиги юзасидан жавобгарлик

 

36. Мурожаатларни кўриб чиқишнинг белгиланган тартиби, уларни кўриб чиқиш муддатларининг узрсиз сабаблар билан бузилиши, фуқароларни қабул қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқишнинг ноқонуний равишда рад этилиши фуқароларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги мансабдор шахсларга маълум бўлган маълумотларнинг ошкор килиниши айбдор шахсларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

Ишлаб чиқди: Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитасининг Умумий бўлими бошлиғи М.Азимова

 Юридик маслаҳатчи:


  Юклаб олиш (pdf, 320 kb)

 

Интерактивные услуги

Единый портал интерактивных государственных услуг