Сурхондарёда йўллар таъмирланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 14 февралдаги "2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида нафақат минтақавий, балки умумий фойдаланувда бўлган автомобиль йўлларини қуриш ва тубдан таъмирлашнинг 2017-2018 йилларга мўлжалланган янгиланган дастури ҳам тасдиқланган.
Мазкур қарор ижроси юзасидан айни кунда Сурхондарё вилоятидаги автомобиль йўллари ҳам қайта қурилиб, жорий таъмирдан чиқарилмоқда.
Жумладан, вилоятдаги 4Р-105 "Дарбанд қ. - Бойсун ш. - Элбаён қ." автомобиль йўлининг техник ҳолатини яхшилаш ҳамда йўл қопламасини тиклаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Йўлнинг 65-70 километрлари оралиғида қум ва шағал аралашмасидан асос ёқизилди.
Бундан ташқари вилоятдаги анчадан бери таъмирталаб бўлиб келган 4Р-100 "Мангузар қ. - Жарқўрғон ш. - Бандихон қ. - Олтинсой қ. – Денов ш." автомобиль йўлининг 126-137 километрлари оралиғида тўлқинсимон бўртмалар бартараф этилди, 22 км узунликдаги йўл ёқаси текисланди. Йўлнинг 126-137 километрлари ҳамда 140-141 км оралиғида қисмида жорий таъмир ишлари бажарилди.
Бундан ташқари, алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур автомобиль йўлининг 134-километр қисмида 3 дона оралиқ қурилмали, 42 погон-метр узунликдаги янги кўприк қуриш ишлари давом этаётган бўлиб, мазкур янги кўприк жорий йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилади. Иншоотнинг умумий қиймати 3 млрд. 212,6 млн сўмни ташкил этади.
Вилоятдаги йўл қурилиш ва таъмир ишлари бугунги кунда ҳам дастур бўйича давом эттирилмоқда.
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси
матбуот хизмати